Сўнгги ҳафта давомида Украина Қуролли Кучлари таркибидаги Дрон тизимлари кучлари — СБС Россиянинг тўртта муҳим нефт объектларига зарба берди. Бу ҳақда СБС қўмондони Роберт «Мадяр» Бровди ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, зарба берилган объектлар қаторида иккита нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) ва иккита нефт насос станцияси (НПС) бор. Улардан бири — Ростов областидаги Новошахтинск НҚИЗ аллақачон 60 соатдан ортиқ вақтдан бери ёнмоқда. Бровдининг айтишича, бу ҳужумда 14-полк ҳамда СБСнинг «Граф» гуруҳи иштирок этган.
Қўмондон, шунингдек, СБС томонидан амалга оширилган ҳужумлар тартибини ҳам санаб ўтди. Хусусан, 14 август куни Волгоградда жойлашган «Лукойл»га тегишли НҚИЗга зарба берилган. Бу завод илгари «Сталинград НҚИЗ» номи билан танилган.
18 август куни эса Украина дронлари «Николское» насос станциясига зарба берди. Бу орқали «Дружба» нефт ҳайдаш қувури ишини тўхтатган. Бровдининг таъкидлашича, Россия томони нефт оқимини 48 соатда тиклади деган маълумотларни тарқатган бўлса-да, бу ҳозирча тасдиқланмаган.