Венгрия ва Словакияга Россия нефтини етказиб берувчи «Дружба» қувуридаги етказиб беришлар вақтинча тўхтатилди. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг маълум қилишича, Россия ва Беларус чегарасидаги қувур инфратузилмасига қилинган ҳужум бу қарорга сабаб бўлган.
Ушбу икки мамлакатда денгиз порти йўқлиги боис нефт асосан «Дружба» қувури орқали Россиядан ҳайдалади. Европа Иттифоқи Россия нефтига нисбатан санкциялар жорий этган бўлса-да, Венгрия, Словакия ва Чехия учун бу йўлдан импортга истисно берилган.
Брянск области губернатори Александр Богомазнинг билдиришича, Унеча шаҳри яқинида, нефт ҳайдаш маркази жойлашган ҳудудда ёнғин содир бўлган. У ҳужум HIMARS бирваракайига ўт очиш ракета тизимлари ва дронлардан иборат «комбинацияли ҳужум» натижаси эканини маълум қилди.
«Ёнғин бартараф этилди», — деб ёзган у кейинроқ ўзининг Телеграм каналида.
Маълумот учун: «Дружба» нефт ҳайдаш қувури Татаристоннинг Олметйевск шаҳридан бошланиб, Беларус орқали икки йўналишга бўлинади. Шимолий тармоқ Полша ва Германияга боради, лекин санкциялар туфайли бу йўлда етказиб бериш тўхтатилган. Жанубий йўналиш эса Украина орқали Венгрия, Словакия ва Чехияга нефт етказиб беради.
Ҳозирда таъминот узилиши камида беш кун давом этиши кутилмоқда. Бошқа йўналишлар ва манбалар мавжуд эмаслиги бу давлатлар учун хавотир уйғотмоқда.