NASA ва IBM олимлари ҳамкорлигида «Surya Heliophysics Foundational Model» номли янги сунъий интеллект тизими яратилди. У қуёшда юзага келадиган кучли чақинларни Ерга етиб келишидан икки соат олдин аниқлаш имконини беради. Бу ҳақда NASA олимларига таяниб, The Independent хабар қилди.
Янги технология сунъий йўлдошлар ҳамда электр тармоқларини қуёш портлашларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Тизим NASA’нинг Solar Dynamics Observatory йўлдоши томонидан тўпланган ўн йиллик маълумотлар асосида ўқитилган.
Қуёш чақинлари Ер атмосферасининг юқори қатламларига таъсир қилиб, GPS сигналларида узилишлар, сунъий йўлдошлар билан алоқа бузилиши ва электр тармоқларида кенг кўламли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Бу жараёнларни олдиндан аниқлаш қийин, чунки улар миллионлаб километр узоқликда бошланиб, неча дақиқа ёки соат ичида Ерга етиб келади.
«Змонавий жамиятимиз космик об-ҳавога жуда сезувчан технологияларга таянган. Қуёшдаги кучли фаоллик Ердаги сунъий йўлдошларимиз, ГПС ва электр тармоқларимизга жиддий таҳдид солади. Суря каби СИ моделлари бизни бундай хавфлардан олдиндан огоҳлантириши мумкин», деди НАСА’нинг гелиофизика бўлими раҳбари Жозеф Уестлейк.
НАСА олимларига кўра, бундай кучли қуёш чақнашлари Қуёш юзасидаги қорамтир доғлар — фаол ҳудудлар — атрофида юзага келади. Уларнинг сони Қуёшнинг 11 йиллик фаоллик циклининг чўққисига яқинлашгани сари ортиб боради.
«Ер об-ҳавосини олдиндан айтиш учун метеорологиядан фойдаланганимиз каби, космик об-ҳаво башоратлари ҳам Қуёшдаги ҳодисаларнинг Ердаги технологияларга қандай таъсир қилишини олдиндан аниқлашга ёрдам беради», дейди олим Спирос Касапис.
NASA мутахассиси Андрес Мунос-Харамильо таъкидлашича, ушбу тизим орқали Ер учун қуёш хавфларига қарши олдиндан огоҳлантириш ва ҳимоя имкониятлари сезиларли даражада кучаяди.