Навоий вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Темуржон домла Атоев Навоий вилояти бош имом-хатиби этиб тасдиқланди. У бунгача ушбу лавозимда ўринбосар сифатида фаолият юритган.

Navoiy imom xatib

2025 йил 23 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Навоий вилояти имом-хатиблари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги йиллардаги диний-маърифий ислоҳотлар ва имом-хатиблар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда ташкилий масала сифатида бош имом-хатиб алмашинуви ҳам кўрилди. Илгари ушбу лавозимда ишлаб келган Тоир домла Рўзиев бошқа вазифага ўтказилгани сабаб, унинг ўрнини Темуржон домла Атоев эгаллади.

Янги тайинланган бош имом-хатиб Темуржон Атоев «Кўкалдош» мадрасаси ва Мисрдаги ал-Азҳар университети талабаси бўлган. У аввал Навоий вилояти Нурота туманидаги «Чилустун» масжидида имом ноиби, кейинроқ эса вилоят бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаган.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий — Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мустақилликнинг 34 йиллиги арафиасида «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени, бир қатор имом-хатиблар «Имом Бухорий» ордени билан мукофотлангани ҳақида хабар берган эдик.