Нодавлат ташкилотлар фаолиятига ноқонуний аралашганлар энди жарима тўлайди

20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Nnt

Қонунчилик палатаси томонидан 15 апрелда қабул қилинган ва Сенатда 30 апрелда маъқулланган ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, давлат органлари мансабдор шахслари нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига ноқонуний аралашса, БҲМнинг 7 баробаридан 10 баробаригача — 2,88 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача жарима белгиланди.

Агар шундай ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрорланса, жарима миқдори янада оширилади. Бундай ҳолда, БҲМнинг 10 баробаридан 15 баробаригача, яъни 4,12 млн сўмдан 6,18 млн сўмгача жарима солинади.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари (диний ташкилотлар бундан мустасно) ҳамда уларнинг филиаллари давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритган тақдирда қўлланадиган жарима миқдори қайта кўриб чиқилди. Энди бундай ҳолатда БҲМнинг 15–25 баробари (6,18 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача) миқдорда жарима белгиланади. Илгариги тартибда эса юқори миқдор 30 баробар, яъни 12,36 млн сўмга тенг эди.

Мутахассислар таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қонуний ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат органлари билан муносабатларда тенглик ва эркинликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.