Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январ—июлда мамлакатга жами 462,4 минг тонна бензин импорт қилинди. Унинг умумий қиймати 265,2 млн долларни ташкил этди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир тонна бензин ўртача 573,6 доллардан, бир литри эса 0,42–0,43 доллардан сотиб олинган. Марказий банк курсидан келиб чиқиб ҳисобланганда, бу бир литр бензин 5,5 минг сўмга тенг.
Биржа савдоларида эса нархлар анча юқори бўлган. Масалан, 4 январ куни Ai-80 маркали бензиннинг тоннаси 9,3 млн сўмдан сотилиб, унинг литри 6,7 минг сўмга тўғри келди (https://t.me/uzexuz/7138). 22 июлда эса шу марка бензиннинг тоннаси 10,5 млн сўмга чиқди, бир литри ўртача 7,5 минг сўмдан баҳоланди.
Ai-92 маркали бензинда ҳам шу ҳолат кузатилган. Январда бир тоннаси 12,6 млн сўмдан, яъни ҳар литри 9,6 минг сўмдан сотилган бўлса, июлда тоннаси 12,8 млн сўмдан, бир литри 9,7 минг сўмдан савдога чиқди.
Шу билан бирга, мамлакатда ички ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайди. 2025 йил январь—июлда 667 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоизга кам. Солиштириш учун, 2023 йилда шу даврда 784,1 минг тонна, 2024 йилда эса 791,3 минг тонна ишлаб чиқарилганди.
Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва импорт харажатларининг ўсиши бензин нархларидаги ўсиш тенденциясини кучайтираётгани қайд этилмоқда.