Рус тилини билмаган болани мактабга киритмаслик — «бемаънилик» — Татаристон президенти

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Татаристон президенти Рустам Минниханов Россияда қабул қилинган, рус тилини билмаган муҳожир болаларни мактабга қабул қилмаслик ҳақидаги қонунни кескин танқид қилди. У бу ҳақда 22 август куни Иннополисда ўтган таълим ва фан ходимлари йиғилишида айтиб ўтди.

Tatariston

Миннихановнинг таъкидлашича, болани мактабга киритмаслик уни жамиятдан узиб қўйиш демакдир.

«Ахир болани мактабга киритмасангиз, у қаерда юради? Тилни билмагани унинг айби эмас. Ҳар қандай бола уч-тўрт ойда тилни ўрганиб олади. Бу мутлақо бемаънилик», — деди у.

Унинг фикрича, муҳожирлар мамлакат учун муҳим меҳнат ресурсидир ва улар билан тизимли иш олиб бориш зарур. Ҳозирги кунда Тотористон мактабларида 3 мингдан ортиқ, олий таълим муассасаларида эса 22 мингдан зиёд хорижлик талабалар таҳсил олмоқда.

Минниханов муҳожир болаларининг рус тилини тезроқ ўзлаштириши учун махсус курслар ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. У болаларга эҳтиёткорлик ва инсоний муносабатда бўлиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, мазкур қонун 2025 йил 1 апрелдан кучга кирган бўлиб, унга кўра, муҳожирларнинг фарзандлари мактабга қабул қилинмасдан олдин рус тилидан тест топшириши шарт қилиб белгиланган.