2022 йилда кенг кўламли уруш бошланганидан буён мамлакат аҳолиси 10 миллион кишига камайган. «Frontliner» маълумотига кўра, бу кўрсаткич 1990 йиллардаги 50 миллионлик аҳолидан сезиларли даражада камайишдир. Демографик инқирозга уруш, оммавий кўчиб кетиш, ўлимнинг кўпайиши ва туғилишнинг кескин пасайиши асосий омил бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда 5 миллиондан зиёд украиналиклар хорижда, асосан Полша, Германия, Чехия, Италия ва Испанияда истиқомат қилмоқда. Муҳожирларнинг кўпчилиги, айниқса чақирув ёшидаги эркаклар, ватанга қайтмоқчи эмас. Ҳукумат иш ўринлари ва уй-жой дастурлари орқали аҳолини қайтаришга уринаётган бўлса-да, миллионлаб фуқаролар ўз ҳаётини чет элда қурмоқда.
Жанг майдонларига яқин ҳудудлар энг кўп аҳоли йўқотган. Донецк, Луганск, Херсон, Запорожье ва Харкив областларида асосан кекса одамлар қолмоқда. Урушнинг давом этиши, стресс ва тиббий хизматнинг заифлиги ўлим кўрсаткичини оширган. 2023 йилда Украинада 495 минг киши вафот этди, бу урушгача бўлган даражадан сезиларли юқори.
Шу билан бирга, туғилиш кўрсаткичи ҳам кескин пасайди. 2023 йилда мамлакат тарихида энг кам бола – 180 минг чақалоқ дунёга келди. Демографик таркибда қариш жараёни кучаймоқда: 60 ёшдан ошганлар улуши 27 фоизга етган, 18 ёшгача бўлганлар эса атиги 15 фоизни ташкил этмоқда.
2024 йилда ҳукумат 2040 йилгача демографик стратегия қабул қилди. Аммо журналистларнинг таъкидлашича, тўловлар инфляция туфайли қадрсизланмоқда, инфратузилма лойиҳалари эса секин амалга ошмоқда. Таҳлилчиларнинг прогнозига кўра, агар вазият ўзгармаса, 2041 йилга бориб Украина аҳолиси яна 10 миллионга қисқариши мумкин.