WhatsApp’да автоматик жавоб тизими жорий этилмоқда

22:30 | 2 дақиқада ўқилади.

WhatsApp мессенжерида аудио қўнғироқларга жавоб берилмаган ҳолларда автоматик тарзда овозли хабар қолдириш имкониятини йўлга қўймоқда. Янги функция «автожавоббергич» тизимига ўхшаш тарзда ишлайди.

Whatsapp

Android учун тайёрланган синов версиясида агар қўнғироқ қабул қилинмаса, экранда «Овозли хабар ёзиш» тугмаси пайдо бўлади. У «Қўнғироқни тугатиш» ва «Қайта қўнғироқ қилиш» тугмалари орасида жойлаштирилган бўлиб, босилганида овозли хабар ёзиш автоматик бошланади.

Фойдаланувчи хабар орқали қўнғироқ мақсадини қисқача тушунтириши, шошилинч ҳолат ҳақида огоҳлантириши ёки тез орада қайта қўнғироқ қилишини сўраши мумкин. Ёзиб олинган хабар қўнғироқ ҳақидаги билдиришнома билан бирга чатга юборилади.

WaBetaInfo’нинг хабар беришича, ушбу функция ҳозирча Google Play Store орқали Android учун WhatsApp’нинг сўнгги бета-версиясини ўрнатган айрим синовчиларга тақдим этилган.

Яқин ҳафталарда имконият кенгроқ аудиторияга тақдим этилиши кутилмоқда. Бу эса WhatsApp орқали мулоқот жараёнини янада қулай ва самарали қилади.

Аввалроқ WhatsApp чатлардаги ўқилмаган хабарларни сунъий интеллект ёрдамида қисқача умумлаштириб бериш имконини яратадиган янги функцияни синовдан ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик.