Wall Street Journal ёзишича, умумий қиймати 850 млн долларлик келишув олти ҳафта ичида амалга оширилади. Пакет ракеталар билан бирга бошқа ҳарбий жиҳозларни ҳам ўз ичига олади. Молиявий юкнинг асосий қисмини Европа давлатлари кўтаради.
ERAM ракеталарининг таъсир радиуси 241–450 километр бўлиб, улардан фойдаланиш учун Пентагоннинг алоҳида рухсати талаб этилади. Универсал қўлланилиши ва модулли тузилиши туфайли бу қуроллар ҳам қуруқликда, ҳам денгиздаги нишонларга зарба бериш имконини беради.
Ракеталарни етказиб бериш Трампнинг Россия президенти Владимир Путин ва Украина етакчиси Володимир Зеленский билан музокараларидан кейин амалга оширилиши белгиланган.
Аввалроқ Жо Байден маъмурияти 2023 йилда Украинага ATACMS ракеталарини тақдим этган эди. Дастлаб улардан Россия ҳудудига зарба бериш тақиқланган бўлса-да, 2024 йил кузида Шимолий Корея қўшинлари Москва томонида урушга қўшилгандан сўнг чеклов олиб ташланган.
Бироқ АҚШ Мудофаа вазирлиги 2025 йил баҳоридан бошлаб ATACMS ракеталаридан Россия ҳудудига зарба беришни қайта тақиқлади. Айни пайтда Киевда ушбу турдаги ракеталар заҳираси жуда кам қолгани қайд этилмоқда.