Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш ҳаракати бошланиб кетди — ижтимоий тармоқларда #bizqulemasmiz (биз қул эмасмиз) ҳештеги остидаги постлар кўпаймоқда. Бунга сабаб, Россияда рус миллатига мансуб бир йўловчининг ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини «русларнинг қули» деб ҳақорат қилгани бўлди.
Юртдошларини ҳимоя қилишга биринчи бўлиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев бел боғлади. Айнан у Instagram’да флешмобни бошлади, шундан сўнг ғоя бутун мамлакат бўйлаб фойдаланувчилар орасида тез тарқалди. Унинг Reels’и уч соат ичида 455 минг марта кўрилди.
Ҳештегли постлар кўпайиб борди, эстафетани ўзбек режиссёри Равшан Норбоев ҳам давом эттирди.