Янги тарифлар аҳоли, юридик шахслар ва бюджет ташкилотлари учун турлича миқдорда қимматлашади.
Аҳоли учун хизматлар нархи 15 фоизга кўтарилиб, ҚҚСсиз 121 617 сўмдан 139 860 сўм/Гкалга етказилади. Юридик шахслар учун тариф 40 фоизга ошиб, 342 296 сўм/Гкалга чиқиши белгиланган. Бюджет ташкилотлари учун эса 18,8 фоизлик ўсиш кўзда тутилган. Базавий тариф ҳам 7 фоизга кўтарилиб, 711 641 сўм/Гкалга ошади.
Янги нархларнинг қачон амалга кириши ҳали аниқ эмас. «Veolia Energy Tashkent» 1 октябрдан тарифларни жорий қилишни таклиф қилган. Бу қарор шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзосидан кейин 15 кун ичида кучга кириши кутилмоқда.
Компания директори Севара Пардаеванинг айтишича, ҳозир аҳоли тарифнинг атиги 18 фоизини тўлайди, қолгани шаҳар бюджети ҳисобидан қопланмоқда. Ҳукумат 2030 йилгача субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишни режалаштирмоқда.
Пардаеванинг таъкидлашича, тарифлар оширилмаса кейинги йилларда янада катта миқдорда қимматлаштиришга тўғри келади. Унинг фикрича, келгуси беш йилда барча харажатларни тўлиқ истеъмолчилар қоплаши керак бўлади.
Пойтахт бюджети маълумотларига кўра, 2025 йилда умумий харажатларнинг қарийб учдан бири иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплашга йўналтирилади. Фақатгина 2024 йилнинг ўзида субсидиялар учун 1,97 трлн сўм ажратилган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан қарийб чоракка кўп