2025 йил январдан буён миллий валюта – сўм долларга нисбатан тахминан 4 фоизга мустаҳкамланди. Бу кўрсаткич ўртача курс эмас, балки йил боши ва жорий даврдаги курслар нисбати асосида ҳисобланган.
Графикка кўра, танлаб олинган валюталар ичида энг катта ўсиш рублда қайд этилган — у долларга нисбатан 27 фоизга мустаҳкамланган.
Йирик валюталардан евро 12,9 фоизга, франк 12,6 фоизга, фунт 8,4 фоизга, йена эса 6,8 фоизга мустаҳкамланган.
Шу билан бирга, қўшни давлатлар валюталари ортиқча кучайиш кўрсатмади. Қирғиз сўми 0,5 фоизга, тенге эса 2,4 фоизга қадрсизланган. Ҳинд рупияси 1,5 фоизга пасайгани қайд этилган. Бошқа томондан, сомоний 15,9 фоизга мустаҳкамланиб, Марказий Осиёда энг юқори натижани қайд этди.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг айтишича, ушбу натижалар долларнинг глобал қадрсизланиш тенденцияси фонида кузатилмоқда. Бироқ айрим миллий валюталарда долларга нисбатан аксинча заифлашиш содир бўлмоқда.
Методологияга кўра, ҳисоб-китоблар «1 бирлик миллий валютага тўғри келадиган доллар миқдори» асосида амалга оширилган. Шунинг учун тескари усулда ҳисобланганда натижаларда маълум фарқ кузатилади. Масалан, рублнинг мустаҳкамланиши мазкур усулда 27 фоиз деб баҳоланган бўлса, тескари ҳисоб-китобга кўра у 21,3 фоизни ташкил этади.
Сўм «тебранувчанлик»да тенгени ортда қолдирди
Йил бошидан 18 апрелгача бўлган даврда сўм курсининг ўзгариши анча барқарор бўлиб, қирғиз сўми даражасида ҳаракат қилди. Бу вақтда энг катта ўзгарувчанлик рублда кузатилган, ундан кейин тенге турган. Демак, аввалги ойларда сўм нисбатан тинч ва кескин ўзгаришларсиз ҳаракат қилган.
Бироқ 18 апрелдан кейин вазият ўзгарди: сўмнинг курсдаги ўзгариши тенгени ортда қолдирди ва у танланган валюталар ичида рублдан кейинги энг «тебранувчан» валютага айланди.
Тенгеда эса аксинча, аввалги юқори ўзгарувчанлик пасайиб, курс нисбатан барқарорлаша бошлади. Қирғиз сўми эса икки даврда ҳам катта тебранишларсиз, барқарор ҳолатда қолди.
Иқтисодчи Холбоевнинг изоҳлашича, бу ҳолат сўм курсининг ўзгаришлари бироз кўпайгани, тенгедаги курс тебранишлари эса аксинча камайганини билдиради.
Шунингдек, апрелдан кейин рублнинг ҳам ўзгарувчанлиги анча пасайгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024-йилдан кейин сўм доллар курсининг кунлик ўзгариш диапазони анча кенгайгани ва миллий валюта июлда барқарорлашгани ҳақида хабар берган эдик.