Футбол чипталари энди идентификация орқали сотилади

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан 1 мартдан бошлаб футбол ўйинларига чипта олиш учун шахс идентификациядан ўтиши шарт бўлади. Натижада муҳим ўйинларда чипта савдосидаги турли муаммо ва ноқонуний ҳолатлар бартараф этилиши кутилмоқда.

Fan id

Ўзбекистон Президенти 21 август куни «Футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан футбол ўйинларига чипталар махсус онлайн ахборот тизими орқали сотилади. Бу тизим харидорни шахсини идентификация қилиш ҳамда QR-код технологиялари асосида чипталарни рўйхатга олиш имконини беради.

Лойиҳанинг асосий мақсади – муҳим ўйинларда чипталар билан боғлиқ спекуляцияларни камайтириш ва савдони шаффоф қилиш. Чипталарнинг бир нечта қўлга ўтиб кетиши ёки сунъий равишда нархи оширилишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Фармонга мувофиқ, 2025 йил декабр ойи охиригача ахборот тизимининг техник ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши керак. Кейинчалик, 2026 йил февралда тизим ишга тайёр ҳолатга келтирилиши ва зарур ресурслар билан интеграция қилиниши белгиланган.

Топшириқ ижросини амалга ошириш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги масъул этиб белгиланди. Уларнинг вазифаси – тизимни ишлаб чиқиш, тести ва жорий қилиш жараёнларини назорат қилиш.

Янги тизимнинг жорий қилиниши футбол мухлислари учун хавфсизликни ошириш, чипта савдосида адолатли шароит яратиш ва соҳада рақамли имкониятлардан кенг фойдаланишни таъминлайди.