Меҳмонхона қурадиганлар учун имтиёзли кредитлар берилади

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида барча тоифадаги тадбиркорларга меҳмонхона қуриш учун кредитлар ажратилади.

Mehmonxona

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга меҳмонхона қуриш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида берилган топшириқлар ижроси юзасидан ПФ–138-сонли фармон қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йилдан Туризмни ривожлантириш дастури амалга оширилади.

Дастурга мувофиқ, тижорат банклари 2026–2028 йилларда барча тоифадаги тадбиркорларга меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача кредитлар ажратади. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда туризмга ихтисослашган туманларда қуриладиган меҳмонхоналар учун кредит миқдори 30 млрд сўмгача, бошқа ҳудудларда эса 10 млрд сўмгача белгиланган.

Шунингдек, ҳар йили сайёҳлар орасида эътироф қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий баҳоланган меҳмонхоналарни аниқлаш ҳамда тақдирлаш учун 1 млн АҚШ долларига тенг мукофот жамғармаси билан танлов ўтказилади.

Фармонга кўра, 2026 йилдан давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати ҳам 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бу тадбиркорлар учун туризм инфратузилмасини барқарор ривожлантиришда қўшимча имконият яратиши кутилмоқда.