Сўнгги йилларда Ўзбекистонда электрон савдо бозорида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Айниса карантин давридан кейин харидларнинг электрон шаклга ўтиши кескин ошди. Рақамлар билан айтсак, 2019 йилда онлайн савдо бозорининг ҳажми 275 млрд сўм бўлган. COVID-19 тарқалгандан кейин, яъни 2020 йилларда бу кўрсаткич 1 трлн сўмгача ошган.
2021 йилда 600 фоиз, 2022 йилда 82 фоиз, кейинги йилларда эса ўсиш биroz секинлашган. 2024 йилга келиб Ўзбекистонда онлайн бозор ҳажми 1.2 млрд долларни ташкил қилди. KPMG халқаро аудиторлик компаниясининг маълумотларига кўра, 2027 йилгача бу кўрсаткич 2 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бунда чакана савдо бозорининг 9 фоиздан 11 фоизгача қисми онлайн бозорга ўтиши кутилган.
Бундан ташқари, Uzum, Yandex Market, Olcha, Kattabozor каби кўплаб электрон савдо бозор платформалари ишга тушди. Telegram ва Instagram тармоқларида ҳам онлайн дўконлар очиб, бизнес юритиш, шунингдек Pinduoduo ҳамда Taobao каби Хитой сайтларида маҳсулот буюртма қилиб бериш трендга айланди. Бироқ «гуруч қурмаксиз бўлмаганидек», бу электрон тижорат дунёсида фирибгарлар тез-тез учраб туради.
Реал мисоллар
Telegram’даги фирибгар дўкон. Онлайн харид билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан бири Андижонда содир бўлган. Аввал ҳам фирибгарлик учун судланган 59 ёшли шахс «Telegram»даги «Кийим-кечаклар» каналидан харидор билан ёзишмалар олиб борган. У ўзини канал администратори сифатида таништириб, маҳсулотни етказиб бериш хизмати мавжудлигини айтади. Харидордан танланган кийимлар учун бошланғич тўловни талаб қилади ва 460 минг сўмни ўз картасига олдиндан ўтказиб олади.
Пулни олгач, у ёзишмаларни ўчириб юборган ва ваъда қилинган кийимлар етказилмаган. Натижада мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан иш қўзғатилди. Қонун бўйича бундай хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
«Uzum market» ниқобидаги фирибгарлик. Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшовчи Х.Л. «Uzum market» орқали танишган номаълум шахсларга бир неча босқичда пул ўтказган. У дастлаб харид учун 3 млн сўм ташлаган, кейинчалик «пулни кўпайтириб берамиз» деган ваъдаларга ишониб, жами 37 млн сўмгача етказиб қўйган. Пулини қайтара олмаган Х.Л. фирибгарлар тузоғига тушганини кеч англаган.
Шу каби ҳолат ўқитувчи Ж.З. билан ҳам содир бўлган. У қўшимча даромад топиш илинжида танимаган шахснинг картасига 36 млн сўм ўтказган ва пули билан бирга сотувчи ҳам ғойиб бўлган.
Instagram’даги фирибгарлик. 5 ой олдин фуқаро Д.М Instagram’да «Muslima shop» номидаги электрон дўконни кузатиб, нархлари арзонлигидан ҳайрон қолган. Сабабини сўраганида Хитой сайтларидан маҳсулот буюртма қилгани учун ҳамма нарсаси арзонлигини айтган. Харидор ҳам бунга ишониб, 6 тача кийим-кечаклар буюртма қилган. Сотувчининг картасига эса 650 минг атрофида пул ташлаган. Эртаси куни на профил, на ёзишмаларни топа олган. Натижада у маълумотларни текширмасдан ишонгани сабабли чув тушиб қолган.
Ички ишлар органлари хабарига кўра, шундай аризалар тобора кўпаймоқда. Фуқаролар нотаниш шахсларга ишониб, миллионлаб сўм маблағни ўз қўллари билан топширяпти.
Нима қилиш керак?
Онлайн савдода истеъмолчиларнинг асосий муаммоси — ишончли ва фирибгар платформаларни фарқлашдир. Ҳар куни турли каналларда «фойдани икки баробар қиламиз» ёки «энг арзон нарх» каби рекламаларга дуч келамиз. Аммо бундай ваъдалар ортида кўпинча фирибгарлик ётади. Алданиб қолмаслик учун қуйидаги 5 қоидага амал қилишни тавсия қиламиз:
- Фақат расмий платформалар ва лицензияга эга дўконлардан харид қилиш зарур. Ўзбекистонда йирик e-commerce компаниялари мавжуд бўлиб, улар истеъмолчи ҳуқуқларини кафолатлайди. Тасодифий ижтимоий тармоқ саҳифаларидан харид қилиш эса энг катта хавф.
Агар сайтдан буюртма қилаётган бўлсангиз, унинг манзили «https://» билан бошланиши, мижозлар фикрлари ва алоқа рақамлари бўлишига диққат қилиши шарт. - Тўловни фақат ишончли тўлов тизимлари орқали амалга ошириш лозим. Номаълум шахснинг картасига пул ўтказиш ёки «олдиндан тўлиқ тўлов» талаб қилинадиган таклифлардан эҳтиёт бўлиш керак. Бундан ташқари, карта маълумотларини ҳам ҳеч қачон берманг, айниқса «тўлов қилиш учун мана бу силкага ўтинг» дегандан қочиш шарт.
- Сотувчининг обрўсини (статусини) текшириш муҳим. Харид қилишдан олдин шарҳларни ўқиш, бошқа харидорларнинг тажрибасини билиш алданиш эҳтимолини камайтиради. Яъни чиройли суратлар — ҳар доим ҳам ҳақиқат эмас. Баъзида сиз кўрган маҳсулот билан келган нарсанинг фарқи осмон билан ерча бўлади. Шу сабабли, изоҳларга кўпроқ аҳамият бериш керак.
- Чегирмали маҳсулотларга шошилмаслик. «Охирги 3 дона қолди!», «Фақат бугун 50% арзон!» деган эълонлар кўп ҳолларда сизга психологик босим ўтказиш учун ишлатилади. Асосан бундай таклифлар ортида ё фирибгарлик, ё бўлмаса ортиқча маҳсулотларни сотиб юбориш мақсади ётади. Шу боис, харидор эҳтиёжини ўйлаб, шошилмасдан қарор қабул қилиши, товар ҳақида алоҳида маълумот топиши керак.
- Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш. Интернетда паспорт нусхаси, банк картаси рақамлари, SMS-кодлар каби махфий маълумотлар энг қимматли нарса ҳисобланади. Бу маълумотларни номаълум шахсларга юбориш нафақат пулдан, балки шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ хавфларга ҳам олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва уларни фақат расмий, ишончли платформалардагина киритиш зарур.
Онлайн савдо ҳаётни енгиллаштиради, вақт ва маблағ тежайди. Аммо эҳтиёткорлик қоидаларига амал қилинмаса, катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун харидда шошилмаслик, фақат ишончли манбаларга мурожаат қилиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳар бир истеъмолчи учун асосий шарт.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади