Қатар Тожикистонга Роғун ГЭСини қуриш учун 50 миллион доллар ажратди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу лойиҳанинг мақсади миллий энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия билан таъминлаш орқали мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш экани айтиляпти.

Rogun ges

Қатар Тожикистонга Роғун ГЭСи қурилиши учун 50 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Бу ҳақдаги битимни 23 август куни Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва Қатар тараққиёт фонди бош директори Фаҳд Ҳамад Ал-Сулайти имзолади.

Тожикистон Молия вазирлиги хабарига кўра, маблағлар республиканинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда ички ва минтақавий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини берувчи Роғун лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади. Битим шартлари тафсилотлари эълон қилинмаган.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва жамғарманинг бошқа устувор давлат лойиҳаларини амалга оширишдаги иштироки имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Қатар тараққиёт фонди делегацияси Тожикистонда президент Имомали Раҳмон билан ҳам музокаралар ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш учун грант маблағларини жалб қилиш бўйича Қатар тараққиёт жамғармаси билан музокаралар олиб борган эди. 2024 йил октябр ойида Доҳага амалий ташрифи доирасида Имомали Раҳмон Қатарга Тожикистоннинг устувор лойиҳаларини молиялаштириш учун Қўшма иқтисодий ва инвестиция жамғармасини ташкил этишни таклиф қилганди.