24 август куни икки давлат ўртасида 300 га яқин асирлар алмашилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. Вазирлик маълумотига кўра, Украина ҳудудида ушланган 146 нафар россиялик ҳарбий қайтарилди. Ўз навбатида, Украина Қуролли кучларининг 146 нафар аскари юртига қайтди. Шу билан бирга, Киев томонидан ноқонуний ҳибсга олинган Курск областидан 8 нафар россиялик фуқаро ҳам қайтарилган.
Ушбу алмашув 2025 йил май-июл ойларида Истанбулда ўтказилган музокараларда келишилган келишувлар самараси ҳисобланади. Асирлар алмашиш ҳозирча икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ягона амалий кўриниши сифатида қайд этилмоқда.
Озод қилинган украиналиклар орасида журналистлар Дмитро Хилюк ва Марк Калюш ҳам борлиги тасдиқланди. Улар 2022–2023 йилларда босқинчилар томонидан ноқонуний равишда ҳибсга олинган эди. «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилоти уларнинг озод қилинишига муносабат билдириб, журналистик фаолияти сабаб нишонга олинганини таъкидлади ва Кремль қўлида ҳали ҳам сақланаётган 26 нафар ОАВ ходимини озод қилишни талаб қилди.
Шунингдек, асирликда қарийб уч йилни ўтказган Херсон шаҳри собиқ мэри Владимир Миколайенко ҳам эркинликка чиқарилди. Президент ёрдамчиси Андрей Ермакнинг айтишича, у 2022 йилда алмашув рўйхатига киритилган бўлса-да, камерадоши — оғир хасталикка чалинган маҳкум манфаати йўлида ўз номзодини чиқаришдан воз кечган.
Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги алмашув 23 июл куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда ҳар икки давлат 250 дан ортиқ асирни озод қилган, бу эса июн ойида Истанбулда ўтган тинчлик музокараларида келишиб олинган эди.