Саида Мирзиёева Илҳом Алиевнинг рафиқасига мактуб йўллади

22:02 | 3 дақиқада ўқилади.

Саида Мирзиёева Меҳрибон Алиевани туғилган куни билан табриклаб, унга самимий тилаклар йўллади.

Ilxom aliev

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Озарбайжон Республикаси Биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиевани туғилган куни билан табриклаб, унинг номига мактуб йўллади. Бу ҳақда «Аzertac» нашри хабар берди.

«Ҳурматли Меҳрибон Орифовна, туғилган кунингиз муносабати билан сизни чин дилдан табриклаб, энг самимий тилакларимни изҳор этишдан чексиз мамнунман. Сизни ёрқин ва кўп қиррали шахс сифатида – жамоат ва давлат арбоби, меҳрибон рафиқа ва она сифатида доимо қойил қолиб кузатаман», — деган Мирзиёева мактубида.

Шунингдек, Мирзиёева Алиеванинг инсонпарварлик фаолиятига юқори баҳо бериб, қуйидагиларни қўшиб ўтди:

«Сиз ўзингизнинг соф ва беғараз қалбингиз, эзгу ишларингиз билан нафақат бутун Озарбайжон халқининг севгисини, балки Ўзбекистонда ва дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида ҳам катта ҳурмат қозонгансиз».

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари табрик мактубини қуйидаги самимий тилаклар билан якунлаган:

«Ушбу ажойиб кунда сизга чин қалбдан мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, ички уйғунлик ҳамда барча олижаноб мақсадларингизни рўёбга чиқариш учун битмас-туганмас куч ва ғайрат тилайман. Ҳаётингиз ҳар доим қувонч, ғамхўрлик ва яқинларингизнинг меҳр-муҳаббати билан тўлиб-тошсин».

Маълумот учун, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева 1964 йил 26 август куни Баку шаҳрида туғилган. Эртага у 61 ёшни қарши олади. Алиева Илҳом Алиев билан 1983 йилда турмуш қурган. Уларнинг ҳозирда Лейла, Орзу ва Ҳайдар исмли 3 фарзанди бор.