Сўм долларга нисбатан мустаҳкамланмоқда: бунинг асосий омиллари нималар?

16:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Сўм тўртта савдо сессияси давомида долларга нисбатан 1,2 фоизга мустаҳкамланди. Бундай тенденция фонида ички ва ташқи иқтисодий омиллар ўзаро таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, бу жараёнда кўпроқ маҳаллий омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўла бошлаган.

Som dollar

Сўм кетма-кетма 4 та сессиядан буён долларга нисбатан мустаҳкамланмоқда. Хусусан, эртанги прогноз билан сўнгги тўртта сессияда сўм долларга нисбатан 1,2 фоизга мустаҳкамланган. Хўш, бу тенденция қайси омиллар билан изоҳланади?

Глобал факторларни таъсирини доллар индекси ҳамда рубл курсидаги ўзгаришлар орқали баҳолаш мумкин (ўртача курс). Хусусан, сўнгги 10 та сессияда доллар индекси 0,7 фоизга қадрсизланган. Рубл эса 0,3 фоизга мустаҳкамланган. Яъни бу тенденция сўмнинг мустаҳкамланишига кечикиш билан (лаг) таъсир қилаётган бўлиши мумкин, деб ёзмоқда иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Марказий банк валюталари орасида сўм сўнгги 5 кун ичида фақат Аргентина песосига нисбатан қадрсизланган, қолган барча валютага нисбатан мустаҳкамланишда давом этган. Жумладан, долларга нисбатан 0,7 фоизга, евро — 0,9 фоиз, франк — 0,8 фоиз, иена — 1 фоиз. Шунингдек, асосий ҳамкорлар — рубл (1,3 фоиз), юан (0,7 фоиз), танга (0,3 фоиз), турк лираси (1,1 фоиз) бўйича ҳам ижобий суръат сақланмоқда.

Бу тенденциянинг асосий ички драйверларидан бири — олтин экспорти. Июль ойида Ўзбекистон 1,1 млрд долларлик олтин сотган бўлиб, йил бошидан бери экспорт ҳажми 7,7 млрд долларга етди. Бу орқали ички бозорда валюта таклифи ошиб, сўм мустаҳкамланишига туртки берди.

Пул ўтказмалари ҳам ҳали ҳам юқори. Иккинчи чоракда улар 4,8 млрд долларга етди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоиз ўсиш демакдир. Аҳоли ўртасида хорижий валюта жамғармаларини сўмга алмаштириш тенденцияси ҳам вақтинчалик бўлса-да, курсга таъсир қилмоқда.

Умуман олганда, сўнгги кунларда валюта курси ўзгаришига кўпроқ ички ва иқтисодиётимизга хос омиллар  кўпроқ таъсир ўтказаётгандек, айни шу сабаб сўмнинг (қарийб) барча валюталарга нисбатан мустаҳкамланиши кузатилмоқда, деб ёзади иқтисодчи.