ССВ сохта косметологлар хавфидан огоҳлантиряпти

20:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни косметологик хизматларни танлашда эҳтиёткор бўлишга ва фақат лицензияга эга тиббий ташкилотларга мурожаат қилишга чақирди.

Kosmetolog

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда ва баъзи гўзаллик салонларида терини пилинг, юз массажи, лазерли эпиляция, ботокс ва мезотерапия каби муолажаларни таклиф қилаётган эълонлар кўпайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, хотин-қизлар томонидан шундай муолажалардан кейин юзага келган салбий оқибатлар бўйича мурожаатлар сони ортмоқда.

«Юздаги нуқсонларни бартараф этаман, деб косметолог ҳузурига борган, бироқ тузалиш ўрнига кутилмаган муаммони орттириб олган аёлларнинг ижтимоий тармоқлардаги эътирозли чиқишлари ҳам кузатиляпти», — дейди вазирлик.

Таъкидланишича, тиббий косметология ихтисослиги бўйича тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятида нохуш ҳолатлар учрамаган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушаётган мурожаатлар асосан лицензия ва дипломсиз фаолият олиб бориш оқибатида келиб чиққан асоратлар ҳамда ножўя таъсирларга дахлдордир. Сабаби, лицензиясиз ишлаш — сертификатланмаган маҳсулот ва тиббий анжомларни қўллаш, физиология ҳамда анатомия асосларини билмасликни англатади.

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Сабиров таъкидлашича, лицензиясиз косметологлар тиббий билим ва анатомия асосларига эга эмас, шу боис нохуш асоратлар кўпинча уларнинг фаолияти натижасида юзага келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби ва талабларини белгилайдиган Низом ва буйруқларни тасдиқлаган. Шу асосда фуқароларга фақат лицензияга эга давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Маълумот учун, ҳозир мамлакатда 147 та нодавлат тиббиёт ташкилоти тиббий косметология ихтисослиги бўйича фаолият юритиш учун лицензия олган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич – Тошкент шаҳрида, яъни 94 та.

Вазирлик фуқароларга фақат лицензияга эга давлат муассасалари ёки хусусий тиббий ташкилотлар хизматидан фойдаланишни, лицензиясиз мутахассисларга мурожаат қилишдан эҳтиёт бўлишни тавсия қилмоқда.