Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида сув тақчиллиги юқори бўлишига қарамасдан, туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. «ЎзА» хабарига кўра, «Жанубий Сурхон» сув омбори ҳудудида экотуризм мажмуаси қурилиши учун 15,7 гектар ер ажратилган.
Лойиҳа қиймати 140 миллиард сўмга тенг бўлиб, унда табиий муҳитни муҳофаза қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Мутасаддиларнинг маълумотича, қурилиш жараёнида атроф-муҳитни авайлаш, яшил майдонлар яратиш, экологик талабларга жавоб берувчи йўл ва инфратузилмалар барпо этиш, шунингдек, оқова сувларни тозалаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Янги масканда коттеж уйлар, бассейн, автотураргоҳ ва автомобил ювиш шохобчалари қурилади. Шунингдек, савдо ва овқатланиш нуқталари, сув усти айвонлари, спорт ва болалар майдончалари ҳамда пиёдалар йўлаклари ташкил этилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида балиқчилик фаолияти йўлга қўйилиши ҳам назарда тутилмоқда.
Маълумот учун, «Жанубий Сурхон» сув омбори 58 йил аввал ишга туширилган бўлиб, денгиз сатҳидан 408 метр баландликда жойлашган. Унинг тўла сув сиғими 800 миллион куб метрни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш йирик туристик лойиҳа Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори ҳудудида ҳам амалга оширилмоқда. У ерда 577 гектар майдон «See breeze Uzbekistan» МЧЖга 25 йилга ижарага берилган. Мазкур объект қурилиши бўйича экологлар табиатга эҳтимолий зарар ҳақида хавотир билдиришган эди.