Таълим муассасалари учун янги аккредитация тартиби жорий этилди

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Аккредитациядан ўтмаган ёки камчиликларни бартараф этмаган муассасалар лицензиясидан маҳрум қилиниши ва фаолияти тўхтатилиши мумкин.

Maktab

Ўзбекистонда барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари 2025 йил ноябридан бошлаб мажбурий аккредитациядан ўтади. Вазирлар Маҳкамасининг 6.08.2025 йилдаги «Ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 498-сонли қарори президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. У таълим хизматлари сифати баҳосида ошкоралик ва самарадорликни таъминлашга қаратилган.

Янги тизимга кўра, муассасалар комплекс давлат аккредитацияси орқали таълим дастурлари ва меъёрларга мувофиқлик жиҳатдан баҳоланади. Шунингдек, махсус аккредитация янги дастурлар ёки режадан ташқари ҳолатларда амалга оширилади. Халқаро агентликлардан аккредитация олган дастурлар автоматик тарзда тан олинади.

Аккредитация жараёни президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги орқали ўтказилади. Унинг натижалари муайян дастур бўйича қабул қилиш ҳуқуқига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Олий ўқув юртлари ва коллежларда таълим сифатини таъминлаш бўлимлари тузилиши шарт этилиб, олийгоҳларда камида 3 нафар, коллеж ва техникумларда эса камида 1 нафар мутахассис фаолият юритиши белгилаб қўйилди. Улар ички сифат аудити, аккредитацияга тайёргарлик ва таълимдаги хавфларни мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил охиригача «Аккредитация» электрон платформаси ишга туширилади. Аккредитациядан ўтмаган ёки камчиликларни бартараф этмаган муассасалар лицензиясидан маҳрум қилиниши ва фаолияти тўхтатилиши мумкин. Ёпилган муассасалар талабалари эса мос йўналишлар бўйича бошқа олийгоҳ ва коллежларга ўтказилади.