Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилди

16:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига биноан мамлакатда телекоммуникациялар соҳасини назорат қиладиган янги мустақил агентлик фаолият бошлайди.

Telekommunikatsiya

«Телекоммуникациялар соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–142-сон, 21.08.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Фармонга мувофиқ, Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилиши белгиланди.

Агентлик оператор ва провайдерлар кўрсатаётган хизматлар сифатини ҳар ойда камида бир марта мониторинг қилиб боради. Бу жараён орқали хизмат кўрсатишда белгиланган талаблар қанчалик бажарилаётгани назорат қилинади.

Янги тузилма молиявий ва ташкилий жиҳатдан мустақил ҳисобланади. Шу билан бирга, ваколати доирасида қарор қабул қилишда ҳам мустақил бўлади.

Агентлик фаолияти натижалари Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилади. Ҳужжатга кўра, мазкур идора соҳада рақобатни кучайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва тармоқнинг замонавий талабларга мос равишда ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.