Ветнамда тўфон сабаб ярим миллиондан ортиқ аҳоли эвакуация қилинмоқда

12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Ветнам ва Хитойнинг марказий ҳудудларига хавф солаётган «Кажики» тўфони сабабли 586 мингдан ортиқ аҳоли ўз ўйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Vetnamda to'fon

Ветнам ҳукумати маълум қилишича, табиий офат хатарини ҳисобга олиб, 586 мингдан зиёд фуқаро хавфсиз ҳудудларга кўчирилади. Об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, тўфон марказида шамол тезлиги соатига 166 кмга етган, хитойлик синоптиклар эса у 180 км/соатгача кучайишини башорат қилмоқда. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.

Тўфон Тан Хоа, Куангчи, Хюэ ва Дананг провинцияларига тўғридан-тўғри урилиши мумкин. Ветнам расмийлари фуқароларга хавфсизлик чораси сифатида 24 август соат 14:00 дан кейин кўчада юрмаслик тавсиясини берди. Ҳарбийлар ва қутқарув хизматлари фавқулодда ҳолатга тайёр ҳолатга келтирилган.

Давлат оммавий ахборот воситалари ёзганидек, 7 та соҳилбўйи провинциясида кемалар ҳаракати тўхтатилди. «Vietnam Airlines» 22 та парвозни бекор қилди, «Vietjet» эса бир қатор рейсларни кечиктириш ёки бекор қилишга мажбур бўлди.

Тўфон Хитойнинг Ҳайнан ороли ва Сания шаҳрига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Шаҳарда 23 августдан бошлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва барча мактаблар, савдо марказлари ҳамда жамоат муассасалари ёпилди. Хитой об-ҳаво хизмати маълумотича, Ҳайнаннинг айрим ҳудудларига 320 ммгача ёмғир ёғиши мумкин.

Вьетнам ҳукумати «Кажики» тўфонини 2024 йил охирида 300 кишини ҳалок қилган ва 3,3 млрд долларлик зарар етказган «Яги» тўфонига қиёсламоқда.