1 сентябрдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

19:20 | 15 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда бир қатор иқтисодий, ижтимоий ва туризм соҳаларида янгиланишлар жорий этилади. Ёлғиз ота-оналарга моддий ёрдам кўрсатилади, кичик ва ўрта бизнес учун текширувлар енгиллаштирилади. Қуйидаги рўйхатда сиз нима ўзгаришлар бўлишини аниқ ва тушунарли шаклда билиб оласиз.

1 sentabr

Иш берувчиларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилмоқда

 

Ўзбекистон президентининг 4 август куни имзолаган фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:

 

  • бандлик органлари томонидан бўш иш ўринларига юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;

 

  • бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.

 

Заргарлик буюмларини импорт қилиш шартлари енгиллаштирилади

 

 

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябргача:

  • заргарлик буюмларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божи 2 фоиз ставкада қўлланади;
  • заргарлик буюмларини «эркин муомалага чиқариш» ва «экспорт» божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим уларнинг божхона қийматидан қатъи назар, БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилади;
  • импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдори маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштирилади;
  • божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва божхона юк декларациясини тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.

Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилади

 

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб синов тариқасида ишга туширилаётган платформа қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:

 

  • сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш;
  • республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёхларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш;
  • йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш;
  • автобус, авиа ва темир йўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш;
  • халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
  • туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш.

 

Меҳнат инспекцияси текширувлари – олдиндан хабардор қилмасдан ўтказилади

 

2025 йил 1 сентябрдан давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади.

 

«Яшил тадбиркор» мақоми

2025 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларига «яшил тадбиркор» мақомини бериш платформаси ишга туширилади.

«Яшил тадбиркор» мақомини олганларга:

  • «Шаффоф қурилиш» платформасида устунлик берилади;
  • муайян даврга экологик текширувлардан озод этилади;
  • халқаро бозорларга чиқишда қўллаб-қувватланади;
  • Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл берилади.

 

Кичик ва ўрта бизнесни ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви бекор қилинади

 

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берувчи кичик ва ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди:

  • охирги уч йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган;
  • бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган;
  • «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада таснифланган.

Камбағал оилалар фарзандлари учун узайтирилган кун гуруҳлари – бепул

 

Уларга умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида алоҳида квота ажратилади, шунингдек улар ота-оналар тўловидан озод этилади.

 

Туризм субсидия ва компенсациялар билан қўллаб-қувватланади

 

2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача ҳар йили Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 млрд сўм миқдорида ажратиладиган маблағлар доирасида:

  • меҳмонхоналар, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильмлар, видеороликлар, клиплар ва аниме роликлари) яратиш ва илгари суриш харажатларининг 50 фоизи (лекин 50 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда) қоплаб берилади;
  • маҳаллий тадбиркорлар томонидан хорижий давлатларда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган 50 та умумий овқатланиш корхонаси ва ресторан ташкил этиш бўйича қуйидаги харажатлар субсидияланади:
  • фаолиятни йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсат олиш, ижара, дизайн, зарур жиҳозлар ва инвентарь сотиб олиш билан боғлиқ – харажатларнинг 50 фоизи миқдорида (аммо 25 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган) бир марталик субсидия шаклида;
  • таомлар тайёрлаш учун Ўзбекистондан йилига 300 кг маҳсулотни етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи (бир тадбиркорлик субъекти учун 100 млн сўмгача);
  • жойлаштириш воситалари, йирик савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчаларининг ўз ҳудудида замонавий сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача (аммо 100 млн сўмдан кўп бўлмаган) миқдори қопланади (дастлабки 100 ҳавза учун).

 

Мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари ставкалари оширилмоқда

 

2025 йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга оширилади. Умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади. Мактабгача таълим ташкилотлари I ва II гуруҳ директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари уларни орган директори ўринбосари лавозими базавий тариф ставкаларига тенглаштириш йўли билан оширилади.

 

Соддалаштирилган иш юритишда даъволар бўйича янги чегаралар белгиланади

 

2025 йил 1 сентябрдан даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳоси қуйидагиларни ташкил этади:

  • юридик шахсларга нисбатан – БҲМнинг 150 бараваригача;
  • якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан – БҲМнинг 100 бараваригача;
  • жисмоний шахсларга нисбатан – БҲМнинг 50 бараваригача.

 

Ёлғиз ота ва оналарга моддий ёрдам берилади

 

1 сентябрдан бошлаб ёлғиз она ва оталар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя тизими» ахборот тизими ва ЯИДХП орқали, шунингдек «Инсон» ижтимоий хизмат марказлари ёки Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиб моддий ёрдам олиш учун ариза бериши мумкин. Маблағларни ўтказиш олувчиларнинг «ижтимоий карта»сига, у мавжуд бўлмаганда эса АТ «Халқ банки»да очилган банк карталарига амалга оширилади. Молиявий ёрдам олувчилардан банк карталарини очиш учун ҳақ олинмайди.

Моддий ёрдам бола уч ёшга тўлгунига қадар бир нафар фарзанд учун БҲМнинг 1,5 баравариггача миқдорида (эгизак бўлса, иккиси учун) ижтимоий шартнома асосида Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.

 

1 сентябрдан ППХ жамоат тартибини сақлаш бўйича пуллик хизматларни кўрсатади

 

1 сентябрдан бошлаб юридик шахслар ППХ бўлинмаларига шартнома-ҳуқуқий асосда хизматлардан фойдаланиш учун ЯИДХП ва Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади. ППХ бўлинмалари ИИВнинг «Электрон патрул» тизими орқали жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади.

Маъмурий регламент қуйидагиларни тартибга солади:

  • аҳоли гавжум жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари патрул-пост хизмати бўлинмаларига юридик шахслар томонидан мурожаат қилиш тартиби;
  • аризаларни кўриб чиқиш ва уларни рад этиш асослари;
  • жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш тартиби.

Маъмурий регламент оммавий тадбирларни, йиғилишлар, митинглар ва кўча намойишларини ташкил этиш ва ўтказишга тааллуқли эмас.

 

Қайта суғурта қилиш қоидалари ўзгармоқда

 

1 сентябрдан бошлаб қайта суғурта қилдирувчилар суғурта воситачилари иштирокисиз, шунингдек, суғурта (қайта суғурта) брокерлари суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятлари бўйича қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) ваколатли давлат органи таъсисчилигида ташкил этилган қайта суғурта ташкилотларига юбориши, кейинчалик (рад этилган ҳолатда ёки қолган қисмини) республика ҳудудида қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт.