Россия Давлат думаси «Янги одамлар» фракцияси депутатлари Владислав Даванков, Ярослав Самилин ва Ксения Горячева мамлакатнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазири Валерий Фалковга расмий мурожаат йўллади. Унда мигрантлар учун рус тили, тарих ва қонунчилик асосларидан иборат мажбурий имтиҳон таркибига аёллар билан мулоқот қоидалари бўйича алоҳида бўлим киритиш таклиф этилган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.
Мурожаатда қайд этилишича, 2024 йилда Россия Ички ишлар вазирлиги 190 минг нафар хорижликка нисбатан маъмурий чиқариш, депортация ва реадмиссия ҳақида қарор қабул қилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан деярли 94 мингтага кўп. Депутатларнинг таъкидлашларича, бунга кўпроқ хотин-қизларга нисбатан ҳақоратомўз ва ҳурматсиз муносабат, тегажоқлик ва шилқимлик илова жамоат тартибини бузиш ҳоллари сабаб бўлган.
Парламент аъзоларининг фикрича, қонун бузилишини камайтириш учун фақат депортация чоралари етарли эмас. Бу ташаббуснинг амалга ошиши жанжалли вазиятларни камайтириш, жамоат жойларида хотин-қизлар ҳимояси ва хавфсизлигини яхшилаш ва аҳолининг давлатнинг миграция сиёсатига ишончини мустаҳкамлаш имконини беради.
Парламентарийлар фикрича, «депортация ва чиқариб юбориш амалиёти такомиллашганига қарамай, мигрантларда аёлларга нисбатан маданий ва ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган профилактика чораларини кўриш зарур».
Маълумот учун, бу Россияда мигрантларга қарама-қарши жинс вакилаларига қандай муносабатда бўлишларини ўргатишга қаратилган биринчи ҳаракат эмас. Ўтган йил ёзида Россияда Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар учун янги мослашув курслари ҳам ишлаб чиқилган эди. Янги курс Марказий Осиёлик мигрантларга меҳнат ва миграция қонунчилиги, шунингдек, жамоатда ўзини тўғри тутиш қоидаларини ўргатишга қаратилган. Унда Россиядаги турли миллат вакиллари рус тилида мулоқот қилиши муҳимлиги таъкидланиб, мигрантларга бегона кишиларни «ака» ёки «опа» деб чақирмаслик, ўз она тилларида пичирлаб гаплашмаслик тавсия этилган. Шу билан бирга, курсда Россияда аёлларнинг очиқ кийиниши танишиш ниятини англатмаслиги, уларга тегиш, қучоқлаш, ҳуштак чалиш каби хатти-ҳаракатлар «тегажоқлик» сифатида баҳоланиши ва жавобгарликка олиб келиши мумкинлиги қатъий уқтирилган.