Конгресс марказида хорижий бозор талабларига жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар тақдим этилди. Тадбирда тоғ-кон, фармацевтика, кимё, тўқимачилик, заргарлик, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ишланмалар, ишлаб чиқариш қувватлари ва инновацияларга оид маълумотлар берилди.
Кўргазмада тайёр саноат маҳсулотлари — дори воситалари, тиббий асбоблар, минерал ўғитлар, трикотаж ва заргарлик буюмлари, ҳунармандчилик намуналари ҳамда IT ечимлари намойиш қилинди.
Давлат раҳбарлари корхоналар ўртасида кооперацияни кенгайтириш, технологиялар трансфери ва тажриба алмашишни муҳим деб топдилар.
Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги асосида визасиз режим жорий этилиши мумкин
Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказди.
Учрашув аввалида Иордания етакчиси Ўзбекистонга илк олий даражадаги давлат ташрифи учун кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Бу ташриф дипломатик муносабатлар тарихида янги босқич бошлаб бериши таъкидланди.
Суҳбатда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинув масалалари муҳокама қилинди. Етакчилар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги самарали ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар.
Икки мамлакат савдо кўрсаткичларини бир неча баробар ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва янги шартномалар имзолашга тайёрлик билдирди. Хусусан, кимё ва тўқимачилик саноати, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва туризм каби соҳаларда кооперацияни ривожлантиришга келишиб олинди.
Томонлар пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва визасиз режим жорий этиш орқали ишбилармонлик ва сайёҳлик алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши ишга туширилиши, йил охиригача уларнинг илк йиғилишлари ўтказилиши таклиф қилинди. Ўзбекистон–Иордания бизнес форуми ўтказилиши эса ишбилармон доиралар учун узоқ муддатли шерикликка йўл очиши кутилмоқда.
Музокараларда маданий, таълим ва туризм алоқаларини кенгайтириш, қўшма маданият ҳафталиклари, концертлар ва кўргазмалар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, маърифий ислом ғояларини илгари суриш, “Ақаба жараёни” ташаббусининг навбатдаги йиғилишини Самарқандда ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Президент Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг «Ан-Наҳда» ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлатимиз раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла ИИ ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди.