Қорақалпоғистон Республикасидаги «Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли 1-сон қудуқ 4707 метр чуқурликка етганда газнинг тўсатдан отилиши қайд этилган.
Расмий хабарга кўра, вазият юз берганидан сўнг, оқибатларни бартараф этиш учун махсус тезкор Штаб ташкил қилинган.
«Назоратсиз газ отилишини бартараф этиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан кечаю-кундуз иш олиб борувчи тезкор Штаб ташкил қилиниб, таркибига Ўзбекистон Республикаси очиқ фаввораларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича харбийлаштирилган қисм, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа масъул мутасадди ташкилотларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг мутахассислари жалб қилинди», дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг расмий хабарида.
Штаб томонидан вазиятни жиловлашга қаратилган махсус «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, амалий чоралар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилди. Бунда халқаро тажрибага эга ҳамкор компаниялар, юқори малакали мутахассислар ва замонавий техникалар фаол иштирок этди.
Бир неча кун давом этган машаққатли ишлар натижасида қудуқ муваффақиятли тарзда назоратга олинди. Ҳодиса давомида ҳеч қандай бахтсиз ҳодисалар, инсон тан жароҳати ёки зарарланиш ҳолатлари қайд этилмади.
Мураккаб шароитлардаги оловли қудуқда ишлаган 200 нафар мутахассисга «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган.
Энди қудуқни хавфсиз эксплуатация қилиш борасида текшириш ишлари ва тегишли технология жараёнлар ўтказилади. Шундан кейин қудуқни ишлатишга тайёргарлик кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, 26 июл куни Мўйноқ туманидаги «Учсой» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликда газ отилиб чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Қудуқ 5000 метрга мўлжалланган бўлиб, бу ердаги илк бурғилаш ишлари олиб борилётган эди. Газнинг атмосферага чиқиши кучли босим туфайли рўй берган. Энергетика вазирлиги мазкур қудуқ аҳоли яшаш ҳудудидан анча узоқда жойлашган ва ундан чиққан газ таркибида инсон саломатлигига зарарли моддалар, жумладан, олтингугурт йўлиги, бу – Устюрт минтақасидаги барча конларга хос хусусият саналишини айтган эди.