Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаев 81 ёшида вафот этди

10:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбек бахшичилик санъатининг йирик вакилларидан бири, Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаев 81 ёшида оламдан ўтди.

Baxshi shodmonov

У умрининг сўнгги йилларида ҳам ёш авлодга бахшичилик анъаналарини ўргатиб келаётган эди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, санъаткор 1944 йилда Бойсун туманида туғилган. Илк меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Болтаев 1968 йилда Термиз давлат педагогика институтида таҳсил олган. У бахшичилик сирларини машҳур устоз Хушбоқ бахши Мардонақуловдан ўрганган.

Шоберди бахши ёшлигидан дўмбира чалишга қизиқиб, етти ёшидан турли термаларни ижро эта бошлаган. Унинг илк термаси «Ойпари», биринчи достони эса «Нурхоннинг ютилиши» бўлган. Кейинчалик «Алпомиш», «Олтин қовоқ», «Кунтуғмиш», «Сулувхон», «Малла савдогар» каби кўплаб достон ва термаларни репертуарига киритган.

У 1983 йил Шахрисабзда ўтган республика бахшилар кўригида 3-ўрин, 1989 йил Деновда 1-ўринни олган. 1990 йил Қозоғистондаги «Олтин олма» фестивалида ҳам тақдирланган. 1991 йил Тошкентда Марказий Осиё бахшилар кўригида олий мукофотга сазовор бўлган.

Шоберди Болтаев 1993 йил Президентнинг фахрий ёрлиғига, 2002 йил «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонига, 2007 йил эса «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор этилган. Унинг «Ойпарча» термаси ва «Малла савдогар» достони китоб ҳолатида нашр этилган.

Охиратги йилларда у Термиздаги бахшичилик мактабида ёш авлодга сабоқ бериб, миллий меросни асраб-авайлаш ва келажакка етказишда хизмат қилди.