2025 йил бошидан бери мамлакатга тахминан 7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Яна 15 миллион киши ички туризмда иштирок этган. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти давомида келгуси 3–4 йилда бу рақам камида 15 миллион хорижий сайёҳга етиши кераклигини таъкидлади.
Бу мақсадда 5 минг гектар ер майдони аукционга чиқарилиб, у ерда меҳмонхоналар ва туризм объектлари қурилиши кўзда тутилмоқда. Тадбиркорлар ерни сотиб олиш учун пул тўламайди, давлат эса шу суммада лойиҳанинг улушдорига айланади. Кейинчалик тадбиркор 10 йил ичида давлат улушини сотиб олиши мумкин. Агар тадбиркор бу маблағни аввалдан 100 фоиз тўлашни истаса, 20 фоизлик чегирма берилади.
36 та туристик туман ва вилоят марказларида меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача, 2 йиллик имтиёзли давр билан 30 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Бошқа ҳудудларда бу миқдор 10 млрд сўмни ташкил этади. Давлат муассасалари ёки хусусий биноларни меҳмонхонага айлантираётган тадбиркорлар ҳам субсидиялардан фойдаланиши мумкин.
Бугунги кунда меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлашга мажбур. Янги қарорга кўра, бу йиғим чекка ҳудудлардаги меҳмонхоналар учун бекор қилинади. Аммо Тошкент, вилоят марказлари ва йирик туристик ҳудудлардаги объектлар учун мазкур тўлов сақланиб қолади.
Туризм йиғими Ўзбекистонда 2017 йилдан бери амалда бўлиб, аввал фақат хорижликлардан ундирилган. 2022 йилдан бошлаб у ўзбекистонликларга ҳам татбиқ этилган. Меҳмонхона соҳаси вакиллари йиғимни ҳудудлар кесимида фарқлашни таклиф қилмоқда.