Секинлашув: Ўзбекистонда хориждан пул ўтказмалари II чоракда атиги 21 фоизга ўсди

17:30 | 10 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг II чорагида Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари томонидан жами 4,8 млрд доллар пул ўтказмалари жўнатилди ва ўсиш 21 фоизни такшил этди. Бу борада ўсиш ўтган йилнинг шу даврида ўсиш 38,6 фоиз бўлган.

Mv migrants info1

Хусусан, АҚШ, Россия ва Европадан пул ўтказмалари ўсиш суръатининг пасайиши кузатилган. Ҳолат сабабларини ўрганиш мақсадида Vaqt.uz мухбири иқтисодчи Тўлқин Бобоқулов билан суҳбатлашди.

Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари томонидан иккинчи чоракда жами 4,8 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилди. Бунда ўсиш суръати (21,4 фоиз) ўтган йилнинг мос даврига (38,6 фоиз) нисбатан секинлашди. Хусусан, АҚШ, Россия ва Европадан пул ўтказмалари ўсиш суръатининг пасайиши кузатилган.

 

Mv migrants info
Инфографика: Марказий Банк

Бу даврда баъзи минтақалардан жўнатилган пул ўтказмалари ўсиш суръатининг сезиларли ўзгариши ҳам кузатилган. Хусусан, Болтиқбўйи давлатлари (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 65,6 фоиз) ва бошқа минтақалардан (38,2 фоиз) ўтказмалар ҳажмининг жадал ўсиши, шу билан бирга, қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

Ҳисобот даврида Европадан пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиш суръати (26,9 фоиз) АҚШ, Россия ва Осиёга нисбатан юқорироқ шаклланганига қарамай, иккинчи чоракда сезиларли секинлашиш тенденциясини намоён қилган. АҚШ ва Россиядан пул ўтказмалари ўсиши секинлашган (мос равишда 10,3 фоиз ва 23,7 фоиз). Осиёдан ўтказмаларнинг барқарор тенденцияси сақланиб қолган.

Иккинчи чоракдаги секинлашишга қарамай, Россия Федерацияси Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг энг йирик манбаи бўлиб қолмоқда. Хусусан, биринчи ярим йилликда мигрантлар 8,2 миллиард доллар ўтказди, шундан деярли 80 фоизи — 6,4 миллиард доллар Россияга тўғри келди.

«Нега Ўзбекистонга Россия, Европа ва АҚШ дан пул ўтказмаларининг ўсишида секинлашиш кузатиляпти?» деган савол билан иқтисодчи Тўлқин Бобоқуловга мурожаат қилдик:

— Россиядан пул ўтказмалар миқдорининг пасайишининг турли сабаблари бор. Хусусан, Россия ОАВлари буни очиқ ёритмаётган бўлса-да, Ғарб давлатларининг мамлакатга санкциялари кучайиб бормоқда. Бу федерациянинг ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш соҳаларига сезиларли салбий таъсир кўрсатмоқда, — деди у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, Россияда энг кўп мигрант Ўзбекистон ва Тожикистондан эканлиги ҳисобига Россиянинг ўндан ортиқ ҳудуди ҳамюртларимизга чекловлар қўйди. Масалан, Санкт Петербургда ўзбек мигрантларининг ҳайдовчилик ва элтув хизматларида ишлаши тақиқланди.

Иркутск, Омск областларида мигрантларнинг такси, йўловчи ташиш, озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар савдоси, ўрмон хўжалиги ва дори ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаши тақиқланган.

«Кузатувларимга кўра, охирги пайтлар элчихонамизга кўплаб мурожаатлар бўляпти. Чунки муҳожирларимиз ишдан бўшатилгандан сўнг оддий овқатланишга ҳам пули бўлмай қолди. Элчихона имконият тарзда уларни Ўзбекистонга қайтаряпти. Натижада, пул ўтказмалари миқдори кескин пасайяпти», деди иқтисодчи.

— Россияда ишловчи мигрантларнинг кейинги тақдири нима бўлади? 

Бундан буён вазият янада ёмонлашади. Чунки яқинда Москва ва Ню Деҳли ўртасида Ҳиндистондан 1 млндан ортиқ ишчи кучи олиб келиниши бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, мамлакатга Шимолий Корея, Виетнам ва Бангладешдан арзон ишчи кучи жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Булар табиий равишда бизнинг фуқароларни меҳнат бозоридан сиқиб чиқаради.

Чунки Россия ҳукумат миқёсида бизнинг фуқароларни ўз мамлакатида ишлашига қарши турибди. Бу ҳолатнинг сабабини билмадим. Масалан, озарбайжонлик мигрантларни Россиядан қувиб чиқарилаётганини тушунса бўлади: икки мамлакат ўртасида сиёсий аҳвол яхшимас. Лекин Ўзбекистон-Россия муносабатларида муаммо йўқ-ку?! Нега бизнинг фуқароларга очиқдан-очиқ қарши муносабатлар бўляпти?

Ўзим шахсан Россия матбуаотини кузатиб бораман. Мамлакатда мигрантлар ҳуқуқларини чекловчи янги-янги округлар жорий этилмоқда. Россияни бу йўлни тутаётганига бир томондан асос бор. Чунки мамлакатдаги жиноятларнинг тенг ярми мигрантлар томонидан амалга оширилаётган экан. Муҳожирларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил қилиб, бу ҳукуматда уларга нисбатан салбий фикр уйғонишига сабаб бўлди.

— АҚШ ва Европаданп ул ўтказмалари миқдори пасайишига қандай омиллар таъсир қилмоқда деб ўйлайсиз?

— Чунки Америкадан депортация қилинаётганларнинг ичида ўзбеклар олдинги ўринларни эгалламоқда. АҚШ да ноқонуний мигратларни оммавий депортация қилиш бошланди. Иккинчидан, яқинда Америка юк ҳайдовчиларига виза беришни бекор қилди. Ваҳоланки, ҳамюртларимизнинг кўпчилиги айнан шу соҳада ишлар эди.

Энди Европа масаласига тўхталадиган бўлсак, ҳамюртларимиз Европага чиқмоқчи, у ерда бўш иш ўрни ҳам етарли. Лекин бизда тил билан боғлиқ тўсиқ бор. Кўпчилик мигрантларимиз тил билмайди.

Иккинчидан, бизнинг мигрантлар Россияда энг сифатсиз иш қилади: кўча ва ҳовлиларни супуради, қурилишда ёрдамчи дастёр бўлиб ишлайди. Яъни яхши мутахассислар бизда кам. Россия ва Европа давлатларининг фарқи шундаки, Европа энг ақлли мигрантларни ишга олади. Россия учун меҳнат бозорида энг арзон ишчи кучи керак. Европада малакали ишчилар учун жуда катта имкониятлар бор.

Аммо ўйланг, бизнинг неча фоиз мигрантимиз бориб Mercedes Benz компанияси ишлай олади? Тил билмайди, компания топшириқ берса, тушунмайди, — деди Тўлқин Бобоқулов.

Иқтисодчининг таъкидлашича, яна бир хавотирли жиҳат: бизда табиий туғилиш кўп. Биз дунёда ўлим сонидан туғилиш кўп бўлган давлатлар биринчи ўнталигигига кирамиз. Бу яқин ўн йилда ишсизлик муаммосининг кескин ёмонлашувига олиб келади. Бунга тайёр туришимиз керак. Чунки ички бозорда бунча кадрга бизда талабнинг ўзи йўқ. Биз ишчи кучи экспорт қилишимиз керак. Аммо бу имкониятимиз ҳам чекланган. Чунки бизда малакали кадрлар сони кам.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.