Талабалар билан шартнома тузган ижарачиларга 40,7 млрд сўм солиқ имтиёзи берилди

22:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Шартномалар бўйича 600 миллиард сўмга яқин солиқлар ҳисобланган.

Talaba

Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 ойида 515 мингдан ортиқ ижара шартномалари ҳисобга қўйилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, шартномалар бўйича 600 миллиард сўмга яқин солиқлар ҳисобланган.

Бунда 356,1 мингта ижара шартномаси жисмоний шахслар ўртасида тузилган бўлиб, 445 миллиард сўмлик даромад солиғи ҳисобланган. Ушбу кўрсаткичларда 2024 йилнинг мос даврига қараганда ижара шартномалари сони 9,1 фоиз, ҳисобланган даромад солиғи суммаси эса 46,6 фоизга ошган.

Юридик шахслар ўртасида тузилган ижара шартномалари сони 159,1 мингтани ташкил этган ва 154,5 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан шартномалар сонида 14,1 фоиз ҳамда солиқ суммасида 34,7 фоиз ўсиш бўлганини кўрсатади.

Шу билан бирга, 2025 йилнинг январ-июл ойларида талабалар билан 65,3 мингдан ортиқ ижара шартномаси тузилган ва ижарачиларига умумий 40,7 миллиард сўм даромад солиғидан имтиёз берилган. Ўзбекистонда ижарада турувчи талабалар сони эса 95 307 нафарни ташкил этган.

Таъкидлаш жоиз, уй-жойларини талабаларга ижарага берган солиқ тўловчилар даромадлари солиқдан озод этилган.