Тўрт инвестор «Ўзагросуғурта»ни харид қилишга қизиқиш билдирди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Улар энди «E-auksion» платформаси орқали ўз таклиф суммасининг камида 1 фоизи миқдорида кафолат тўловини киритиши керак.

Sugurta

Тўрт инвестор «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятини сотиб олишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги порталида эълон қилинган ҳужжатда маълум қилинган.

Жорий йил 10 июлдан «Ўзагросуғурта» АЖ устав капиталидаги 99,35 фоиз давлат акциялар пакетини сотиш бўйича халқаро очиқ савдо жараёнлари бошланган.

Тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида «Deloitte» халқаро компанияси потециал инвесторларга Актив бўйича инвестиция тизерларини юборган ва тўртта инвестор томонидан қизиқиш билдирилгани ҳақида аризалар келиб тушган.

Барча аризалар молиявий имкониятларнинг етарлилиги; ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд эмаслиги;
жиноий даромадлар ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя қилиш ҳолати; Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия институтлари санкциялари рўйхатларига киритилмагани; давлат компанияси мақомига эга эмаслиги бўйича текширувдан ўтказилган.

Текширув натижаларига кўра, барча талабгорлар ушбу мезонларга тўлиқ мувофиқ деб топилган ҳамда хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади.

Таклифларни қабул қилиш жорий йилнинг 15 октябр куни соат 23:59 гача давом этади. Ҳар бир иштирокчи «E-auksion» платформаси орқали ўз таклиф суммасининг камида 1 фоизи миқдорида кафолат тўловини киритиши шарт.