«Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида йўловчи ва багаж ташиш хизматини йўлга қўйиш мақсадида бир нечта лот электрон аукционга чиқарилган. Ҳар бир хизмат нуқтаси учун 3 метр квадрат майдон ажратилади.
Аукционда иштирок этувчи компаниялар учун қатор талаблар белгиланган. Жумладан, улар
— 3 йилдан ошмаган, бензинда ишлайдиган шахсий автопаркка эга бўлиши;
— Тун-кун ишлайдиган диспетчерлик хизмати ташкил этиши лозим;
— Онлайн-сервисни Uzbekistan Airports сайтига интеграция қилиш имконияти;
— Расмий тарифлар асосида хизмат кўрсатиш;
— Машиналарни хавфсизлик воситалари билан жиҳозлаш шарт.
Талаблар қаторида аэропортнинг расмий ташувчиси сифатида кузовни брендинг қилиш, камида 3 йиллик тажрибага эга, ўзбек ва рус тилларини билувчи ҳайдовчиларга эга бўлиш, уларни махсус форма билан таъминлаш ҳам бор. Шу билан бирга, Uzcard, Humo, Mastercard, Visa ва нақд пул орқали тўлов қабул қилиш имконияти ҳам бўлиши шарт.
Аэропортда бир вақтнинг ўзида камида 10 та такси хизмат кўрсатишга тайёр ҳолатда бўлиши керак. Ижара нархи 1 метр квадрат учун 1 млн сўм (ҚҚСсиз) этиб белгиланган. Жами бешта хизмат нуқтаси очилиши кутилмоқда.
«Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев йил бошида таксилaргa рақамли буюртма тизими ва операторлар учун алоҳида йўлаклар жорий этилиши режалаштирилаётганини билдирганди. Шунингдек, келиш зали реконструкциясидан сўнг махсус пултлар орқали мобил алоқасиз такси чақириш имконияти пайдо бўлиши ҳам маълум қилинган.