Ўзбекистонда дистрибютор ва дилерларга илгари минилган автомобилларни алмаштиришга рухсат берилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 августдаги қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, илгари фойдаланишда бўлган автомобилни фойдаланишда бўлган бошқа автомобилга алмаштириш – «Trade-up» дастури йўлга қўйилади.
Низомда шу пайтгача фақат «Trade-In» механизми тилга олинган бўлиб, у илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини янги автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштиришни англатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги «Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низомда «ихтисослаштирилган савдо корхоналари» сўзлари «дистрибютор ёки дилер ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилмоқда.
Шунингдек, энди қонунчиликда дистрибюторлар ва дилерлар тушунчаси ажратилди. Унга кўра, дистрибютор ташкилоти — Ўзбекистон ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дистрибюторлик келишувига эга юридик шахс. Дилер ташкилоти эса Ўзбекистон ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича дистрибютор ташкилоти ёки ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахсдир.