Япония ташқи ишлар вазири Такеши Ивая бошчилигидаги делегация 26 август куни расмий ташриф билан Самарқандга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари кутиб олган.
Япониялик дипломат дастлаб SamAvto заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишган. Мазкур корхонада 2007 йилдан буён Япониянинг Isuzu Motors Ltd компанияси ва Itochu корпорацияси билан ҳамкорликда Isuzu шассиси асосида автобуслар ва юк машиналари, махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий, халқаро стандартларга жавоб берадиган мазкур техника воситалари ички бозор билан бирга хорижга экспорт қилинади.
Шундан сўнг делегация Самарқанд туманидаги «Бобур агро инновация» фермер хўжалигида бўлufy. Бу ерда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида ушбу давлатдан келтирилган олма навлари парваришланмоқда.
Шунингдек, Ивая Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларни ҳам томоша қилган.