Меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар ва маданий мерос объектларига ташрифлар учун 20 фоизгача чегирмалар берилиши белгиланди.
Чегирмалар асосан юртдошларни тарихий, маданий ва табиий бойликлар билан яқиндан таништириш ҳамда ички туризм салоҳиятини оширишга қаратилган. Бу ташаббус мамлакат бўйлаб туризм хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Махсус имтиёзлар доирасида маданий мерос объектлари, музей ва ёдгорликларга кириш чипталари арзонлашади. Шунингдек, жойлаштириш воситаларида хизмат нархлари ҳамда айрим экскурсия ва сайёҳат хизматларига ҳам чегирмалар татбиқ этилади.
Шу билан бирга, туризм соҳаси ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида маданий-кўнгилочар тадбирлар, ички туризм ярмаркалари ва байрам акциялари ташкил этиш режалаштирилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус мамлакатда туризм маданиятини ривожлантириш ва ички бозор фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Аввалроқ 30–31 август кунлари пойтахтнинг барча туманларида байрам сайиллари ва ёрқин концертлар бўлиб ўтадиган жойлар ҳақида хабар берган эдик.