Саидов Лавровдан «Сен русларнинг қулисан» деган видео бўйича изоҳ талаб қилмади

23:25 | 4 дақиқада ўқилади.

Бугун икки давлат ташқи ишлар вазирлари телефон орқали суҳбатлашди. Бироқ Ўзбекистон томони рус миллатига мансуб бир йўловчининг ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини «русларнинг қули» деб ҳақорат қилгани бўйича Лавровдан изоҳ талаб қилмади.

Saidov

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram’даги каналида ёзди.

Лавров идорасига кўра, улар 31 август – 1 сентябр кунлари Хитойда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган. Шунингдек, 9 октябр куни Тожикистонда бўлиб ўтадиган «Россия-Марказий Осиё» иккинчи саммити олдидан Россия-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, халқаро кун тартиби ва минтақавий хавфсизлик юзасидан фикр алмашган,

Саидовнинг қайд этишича, суҳбат давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда келажакдаги истиқболлари, шунингдек, бўлиб ўтадиган кўп томонлама тадбирларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.

«Савдо, инвестиция, маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратдик», — деб ёзган вазир.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида #bizqulemasmiz (биз қул эмасмиз) ҳештеги остидаги янги флешмоб бошланган эди. Бунга сабаб, Россияда рус миллатига мансуб бир йўловчининг ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини «русларнинг қули» деб ҳақорат қилгани бўлганди.

Юртдошларини ҳимоя қилишга биринчи бўлиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев бел боғлади. Кейин Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари фуқаролари ҳам флешмобни давом эттирди.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда Россияда аксилмиграцион қонун-қоидалар кучайиб бормоқда. Улардан хотин-қизлар билан мулоқот қилиш борасида имтиҳон қилишдан тортиб ошкора намоз ўқимаслик, она тилида пичирлаб гаплашмаслик, рус тилини яхши билиш каби талаблар таклиф қилинмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда Россияда бир миллион нафар ўзбекистонлик меҳнат қилади. Уларнинг аксарияти ҳатто турли йўллар билан Украинадаги урушга жалб қилинаётгани ҳам факт. Аммо вазирлар бугунги суҳбатда ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан кузатилаётган ҳурматсизлик ҳақида ҳеч қандай сўз очмаган.