Сентябрдан мактаб ва боғча раҳбарларининг маоши оширилади

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

1 сентябрдан мактаб директорлари ойлиги 20 фоизга, уларнинг ўринбосарлариники эса 15 фоизга оширилади. 1 январдан эса самарадорлиги юқори бўлган директорлар 20 фоиз, ўринбосарлар 10 фоиз қўшимча устама олиши мумкин бўлади.

MaktabФото:kun.uz

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мактаб директорларининг ойлик маоши 20 фоизга, уларнинг ўринбосарлариники эса 15 фоизга кўтарилади. Шунингдек, боғча мудирларининг базавий тариф ставкалари ҳам оширилиб, мактаб раҳбарларининг айрим лавозим ставкаларига тенглаштирилади.

Март ойида қабул қилинган ушбу фармон таълим тизими раҳбарларининг моддий рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган. Янги тартибга кўра, I ва II гуруҳга кирувчи боғчалар директорлари иш ҳақи миқдори III ва IV гуруҳ мактаб директорлари ўринбосарларининг маоши билан тенглашади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳар ойлик устама жорий этилади. Унга кўра, юқори натижаларга эришган директорлар 20 фоиз, ўринбосарлар эса 10 фоиз қўшимча маош олиши мумкин бўлади.

Аввалроқ маълум қилинганидек, янги ўқув йилидан мактаб директорлари ва ўринбосарлари ҳамда боғча мудирларининг ойлик маоши 7–10 миллион сўмдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Мутасаддилар фикрича, бу ўзгаришлар раҳбарларнинг масъулиятини янада ошириб, таълим муассасаларида самарадорликка хизмат қилади.