Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейининг қурилишига рамзий тамал тошини қўйди

19:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Музей ишга тушса, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Ўзбекистон Миллий боғи билан бир жойда яхлит меъморий композицияга айланиши айтилмоқда.

ToshФото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон Миллий музейига тамал тоши қўйди. Мазкур иншоот мамлакат тарихида илк бор бундай кўламда барпо этилаётгани билан аҳамиятли ҳисобланади. Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан, Япония ва Германия архитектура компаниялари ҳамкорлигида лойиҳалаштирилган.

Қурилиш жараёни Хитойнинг «CSCEC International Construction» компаниясига топширилган. Музей айлана, тўртбурчак ва учбурчак шакллари уйғунлашган тарзда қурилиб, Шарқ ва Ғарб маданияти рамзини акс эттиради. Мажмуада 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ва ёрдамчи бинолар бўлади.

Президент таъкидлаганидек, янги музей халқимизнинг уч минг йиллик бой меросини дунё ҳамжамиятига етказишга хизмат қилади. Айни вақтда Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат сақланмоқда, аммо кўргазма заллари чеклангани боис уларнинг катта қисми омборларда қолиб кетмоқда. Янгидан барпо этиладиган мажмуада 10 мингга яқин экспонатни бир вақтнинг ўзида намойиш қилиш имконияти яратилади.

40 минг метр квадрат майдонда қуриладиган иншоотда замонавий кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва экспонатларни сақлаш хоналари жойлашади. Шунингдек, конференция заллари, аудиториялар, ресторанлар ва болалар майдончалари ҳам ташкил этилади.

Музей ишга тушгач, у Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Ўзбекистон Миллий боғи билан бирга яхлит меъморий композицияни ҳосил қилади. Келажакда у дунёга машҳур Лувр ва Британия музейлари каби йирик марказлар билан ҳамкорлик қилиши, ноёб экспонатларни олиб келиш ва халқаро кўргазмалар ташкил этиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев сўзларига кўра, Миллий музей халққа ва келажак авлодларга хизмат қиладиган илм-маърифат масканига айланади. Президент мажмуа пойдеворига капсула қўйиб, қурилиш ишларини расман бошлаб берди.