Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Япония ташқи ишлар вазири Такэши Ивая бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Япония Бош вазири Сигэру Исибанинг самимий саломи ва Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан табрикларини етказган.
Учрашувда Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Фаол мулоқотлар давом этаётгани ва амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.
«Бугун ўтказилган икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг Стратегик мулоқоти биринчи йиғилишининг самарали натижалари юксак баҳоланди», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Япониянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 17 август куни Осака шаҳрида «EXPO 2025» бутунжаҳон кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон миллий куни муваффақиятли ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Япония маркази фаолиятини кенгайтириш ва келгусида унинг негизида Япониянинг етакчи университетлари иштирокида қўшма университет ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан «Марказий Осиё + Япония» форматидаги бўлажак саммитни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилган.