Тошкентда янги аэропорт очилди

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида барпо этилган янги аэропортни бориб кўрди.

AeraportФото:president.uz

Бугун, 27 август куни Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида барпо этилган янги аэропортни бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Тошкент-Шарқий» аэродромининг қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Жорий йил қурилиш ўз якунига етди. Аэропортнинг умумий майдони 561 гектардан иборат. 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та «ҳаво кемаси»га мўлжалланган перрон барпо этилди. «Boeing 787», «А 320» каби самолётлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун ангарлар қурилди. Бу уларнинг қишда илиқ, ёзда салқин сақланиши ва хавфсизлигини таъминлайди.

Аэропортда VIP ва CIP терминаллар бунёд этилган. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўкон ва овқатланиш жойлари бўлади.

Муҳими, аэропорт ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш ва қўниш имконини беради.

«Янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар ва хизмат кўрсатиш соҳаси янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади», — дейилади хабарда.