Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонда жами 68 та мактаб фойдаланишга топширилди. Бироқ уларнинг қарийб ярми — 35 таси Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келди. Бухорода 19 та, Хоразмда 7 та, Наманганда 6 та ва Қорақалпоғистонда 1 та янги таълим муассасаси ишга туширилди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва яна 8 та ҳудудда ярим йиллик давомида бирорта ҳам мактаб қуриб битказилмади. Бу эса пойтахтда аҳоли ўсиши ва таълим муассасаларига талаб тобора кучаяётган бир пайтда жиддий муаммо сифатида кўтарилмоқда.
Статистик ҳисоботларда айтилишича, ўтган ўқув йили бошидаёқ мамлакатда 1,7 миллион ўқувчига жой етишмас эди. Бу йил эса мактаб ёшидаги болалар сони яна 282 минг нафарга кўпайиши натижасида танқислик янада кучайиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, айниқса йирик шаҳарлар ва пойтахтда мактаблар сонининг кўпайиши шошилинч вазифага айланмоқда. Ҳозирги шароитда хусусий мактаблар ташкил этилиши қисман ечим сифатида кўрилаётган бўлса-да, умумий муаммони тўлиқ бартараф этиш учун давлат миқёсида кенг кўламли чоралар талаб этилади.