Украина 22 ёшгача бўлган эркакларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат берди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Украина ҳукумати 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган эркакларга чегарадан тўсиқсиз ўтишга рухсат берувчи резолюцияни қабул қилди.

Ukraina

Украинанинг 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган эркак фуқаролари ҳарбий ҳолат жорий этилганига қарамай, мамлакатни ҳеч қандай тўсиқсиз тарк эта оладилар. Бу ҳақда Украина Бош вазири Юлия Свириденко маълум қилди.

Свириденконинг айтишича, чет элда бўлган украиналиклар ҳам чегарани исталган томонга эркин кесиб ўтиши мумкин бўлади.

Бош вазир аниқлик киритишича, янги қоидалар расмий эълон қилинганидан кейинги куни кучга киради.

Украинада ҳарбий ҳолат кенг кўламли уруш бошланган биринчи кундан бери амал қилмоқда. Шу сабабли, айрим истиснолардан ташқари, 60 ёшгача бўлган вояга етган эркакларга мамлакатни тарк этиш тақиқланган эди.

2022 йил феврал ойидан бери Украина умумий сафарбарлик эълон қилди ва бир неча бор узайтирди. Дастлаб 27 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ҳарбий хизматга чақирилган; 2024 йил апрел ойида сафарбарлик ёши 25 га туширилди.