Хитой АҚШ ва Россиянинг талабларига жавоб қайтарди

21:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитой АҚШ ва Россиянинг ядровий қуролсизланиш бўйича талабларни «мантиқсиз» деб баҳолади.

Usa china russia

Хитой АҚШ ва Россиянинг ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларга қўшилиш талабларини «мантиқсиз ва воқеликдан йироқ» деб баҳолади. Бу ҳақда Reuters Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Го Цзякунга таяниб, маълум қилди. 

Бундан бир кун олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин билан ядровий назорат масалаларини муҳокама қилганини ва Пекиннинг ҳам ушбу жараёнда иштирок этишини хоҳлаётганини айтган эди.

Го Цзякун Хитой ва АҚШнинг ядровий имкониятларини таққослаб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

«Хитой ва Америка Қўшма Штатларининг ядровий салоҳияти бутунлай турли даражаларда, икки мамлакатнинг стратегик хавфсизлик муҳити ва ядро сиёсати ҳам мутлақо фарқли. Шу боис, Хитойдан АҚШ ва Россия билан ядровий қуролсизланиш бўйича уч томонлама музокаралар бошлашни талаб қилиш бемаънилик ва воқеликдан йироқ», — дея таъкидлади Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Унинг айтишича, Хитой биринчи бўлиб ядро қуролини қўлламаслик тамойилига қатъий риоя қилади ва фақат мудофаа йўналишидаги ядро стратегиясини юритади. Пекин бошқа давлатлар билан қуролланиш пойгасига киришиш ниятида эмас.

«Энг катта ядро захираларига эга давлатлар биринчи навбатда ядровий қуролсизланиш бўйича ўзларининг алоҳида устувор мажбуриятларини бажаришлари лозим», — дея қўшимча қилди дипломат.