Хитойда 44 млн доллар пора олган амалдор ўлимга ҳукм қилинди

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Собиқ юқори лавозимли амалдор Лю Синтай давлат шартномалари ва мансаб ваъдалар эвазига юз миллионлаб юан пора олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Xitoy poraxor

Гуйлин шаҳридаги халқ суди Лю Синтайни 316 млн юан (тахминан 44 млн доллар) пора олганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан олий жазо тайинлади. У Ҳайнан провинцияси халқ вакиллари доимий қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Суд унинг барча мол-мулкини мусодара қилди ва сиёсий ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум этди.

Тергов маълумотларига кўра, Лю Синтай 2003–2024 йиллар давомида Хитойнинг Шандонг ва Ҳайнан вилоятларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган. У бизнес тузилмаларга давлат буюртмалари олиш, карйерада ўсиш ва бюджет маблағларидан фойдаланишда ноқонуний тарзда ёрдам бериб келган. Бунинг эвазига жисмоний ва юридик шахслар унга бевосита ёки воситачилар орқали катта миқдорда пул беришган.

2025 йил 29 майда иш юзасидан очиқ суд жараёни бошланган. Суд жараёнида Лю ўз айбини тўлиқ тан олган, терговга фаол ёрдам кўрсатган ва пора тариқасида олган маблағларнинг асосий қисмини қайтарган. Шу сабабли суд ўлим жазосини икки йилга кечиктирилган ҳолда ижро этишни белгилади.

Хитой судлари сўнгги йилларда юқори лавозимдаги шахсларга нисбатан коррупцияга қарши кескин чоралар кўрмоқда. 2024 йил ноябрида Гуандонг провинциясида яна бир собиқ амалдор — Чэн Жисинг 38 млн доллар пора учун ўлим жазосига ҳукм этилган эди. У ҳам судда айбини тан олган.