Ҳужжат Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такэши Астанада бўлиб ўтказган расмий ташрифи чоғида имзоланди. Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан музокаралар давомида томонлар ядровий қуролдан воз кечиш бўйича халқаро ҳамжамиятга қаратилган қўшма чақириқни яна бир бор тасдиқладилар.
У қайд этдики, 2025 йил Ҳирошима ва Нагасаки фожеасининг 80 йиллигига, 2026 йил эса Семипалатинск полигони ёпилганининг 35 йиллигига тўғри келади.
Ташриф доирасида икки мамлакат энергетика, ядровий ёқилғи, ядровий тиббиёт, камёб ер элементлари ҳамда «яшил» технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди. Япония Қозоғистон иқтисодиётига 9 млрд доллардан ортиқ сармоя киритган ҳолда мамлакатнинг энг йирик 10 та инвестори қаторида турибди.
Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2025 йил охиригача Японияга ташрифини тайёрлаш ва 2026 йилда икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Семей (Семипалатинск) полигони 1947 йилда СССР томонидан ташкил этилган ва 1989 йилгача 450 дан ортиқ ядровий синовлар ўтказилган. Улар 1,5 миллиондан ортиқ аҳолига радиацион таъсир кўрсатган. 1991 йил 29 августда полигон расман ёпилган, бу сана кейинчалик БМТ томонидан «Ядровий синовларга қарши халқаро кун» сифатида эълон қилинган.
Ҳирошима ва Нагасаки атом бомбардимонини бошидан кечирган Япония Қозоғистоннинг ядровий қуролдан воз кечишга қаратилган ташаббусларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келади.