ЕИ ўзбекистонлик мигрантларнинг алданиб қолмаслиги учун янги марказ очди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда биринчи бор Мигрантлар ресурс марказини очди.

EiФото:eeas.europa.eu

Тошкентда Европа Иттифоқи молиялаштирган ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган илк Мигрантлар ресурс маркази иш бошлади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси хабар берди.

Қайд этилишича, марказнинг асосий мақсади — бутун минтақадан потентсиал мигрантларнинг хавфсиз ва қонуний миграцияга кўмаклашадиган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ноқонуний миграция хавфи ва одам савдоси билан боғлиқ таҳдидлар тўғрисида хабардорликни оширишдир.

Бу марказ Марказий Осиё ҳудудида очилаётган учинчи шундай маскан бўлиб, Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ташкил этилган. Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар бу каби марказлар одамларни тўғри қарор қабул қилишга кўмак беришини таъкидлаб, миграцияни бошқариш бўйича ҳамкорликни юқори баҳолади.

«Тошкентдаги мигрантлар учун ресурс маркази бутун дунё бўйлаб 14 та МРМ тармоғидаги энг янги марказ ҳисобланади. Ушбу янги марказ миграция ва қайтишни ўйлаётган шахслар учун жуда фойдали ва долзарб бўлиб, уларга онгли, хавфсиз ва қонуний қарорлар қабул қилиш имкониятини беради», — дейди ХМСРМ Бош директорининг ўринбосари ва миграция масалалари бўйича мулоқот ва ҳамкорлик бўлими раҳбари Седеф Диринг.