Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Фарғона вилояти бошқармаси тезкор тадбири давомида Қирғизистондан ноқонуний тилла олиб киришга уринган икки нафар фуқарони қўлга олган.
Маълумотларга кўра, Фарғона туманида яшовчи 1991 ва 1993 йилларда туғилган икки фуқаро Қирғизистондан ноқонуний йўл билан тилла заргарлик буюмлари олиб кирган. Текширув жараёнида улардан умумий оғирлиги 19 кг 119 грамм бўлган ва тахминий қиймати 20 млрд сўмга тенг заргарлик буюмлари топилди.
Ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган буюмлар экспертизага юборилган. Тергов органлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, чегара ҳудудларида контрабандага қарши назорат кучайтирилган ва бундай ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик мақсадида тизимли чоралар амалга оширилмоқда.